Технопарк – янги имкониятлар мажмуи

Наманган вилоятида техник саноат мажмуаси – Технопарк ишга тушди.

– Мазкур лойиҳа тадбиркорликни янада ривожлантириш, тўлиқ қувват билан ишламаётган йирик саноат корхоналари базасидан унумли фойдаланиб, янги иш ўринларини яратиш, маҳсулот турларини кўпайтириш борасида кенг имкониятлар очади, – дейди Наманган шаҳар ҳокимлиги қошидаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси раҳбари Рустамжон Исоқов. – Технопаркда тадбиркорлик субъектларини саноат майдонлари билан таъминлаш, ортиқча сарф-харажатларга барҳам бериш, маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи кичик корхоналарни бир ерга жамлаб, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш кўзда тутилган.

Лойиҳани амалга ошириш учун аввалига шаҳардаги тўла қувват билан ишламаётган саноат корхоналари тасарруфидаги бўш майдонлар ҳисобга олинди ва улар ҳақида маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали эълон берилди. Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси томонидан бизнес-лойиҳалар билан мурожаат қилаётган субъектлар бирлаштирилиб, “Муштарий Интернэшнл ЛТД” қўшма корхонаси базасида илк технопарк ташкил этилди.

Мазкур корхонанинг қарийб 8500 квадрат метрлик бўш турган майдони таъмирланиб, 30 дан зиёд ишлаб чиқариш субъектлари жойлаштирилди. Мазкур субъектлар томонидан қисқа муддат ичида уч миллиард сўмдан зиёд сармоя жалб қилиниб, энг замонавий ишлаб чиқариш ускуналари ўрнатилди. Бугунги кунда мажмуада эркаклар костюм-шимлари, пальто, болалар кийимлари, пойабзал, замонавий пардалар тикиш, темир эшик ва дарвозалар ишлаб чиқариш цехлари, маиший техникалар, уяли алоқа ҳамда интернет хизматларини кўрсатиш шохобчалари фаолият кўрсатмоқда.

Бинонинг биринчи қаватида, шу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш имкониятлари ҳисобга олиниб, халқ истеъмол моллари, озиқ-овқат дўконлари, дорихона, ошхона ҳамда новвойхона ташкил этилгани аҳолига ғоят манзур бўлди.

Технопарк очилиши муносабати билан 455 янги иш ўрни яратилиб, уларда асосан хотин-қизлар, коллеж битирувчилари иш билан таъминланди.

– Бундай имкониятлар фаолиятимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади, – дейди якка тартибдаги хусусий тадбиркор Абдумалик Шарипов. – Технопаркдан 200 квадрат метр жой олиб, иш бошладик. Хориждан замонавий бичиш-тикиш ускуналари олиб келиб, болалар кийимлари тикишни йўлга қўйдик. Бир йилда 400 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонамизда 15 киши меҳнат қилмоқда.

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай тадбир босқичма- босқич ва изчил давом эттирилади.